Москва вилоятининг Раменское шаҳридаги савдо дўконида содир бўлган ёнғин оқибатида ўлган уч ўзбекистонликдан бирининг яқинлари жасадни катта қийинчилик билан Ўзбекистонга олиб келишгани¸ бундай оғир вазиятда Москвадаги ўзбек элчихонаси ëрдам кўрсатмаганини айтмоқда. Шу йилнинг 13 декабрида Тошкентда дафн этилган 28 яшар Марям Мустафоеванинг икки фарзанди етим қолди.
Озодликка маълум бўлишича¸ Подмосковьенинг Раменское шаҳрида жойлашган “Аист” савдо марказида 2017 йилнинг 8 декабрида чиққан ёнғинда нобуд бўлган уч қурбондан бири тошкентлик Марям Мустафоевадир.
28 яшар аёл жасадини Москвадан Тошкентга олиб келишда унинг турмуш ўртоғи ва яқинлари жуда катта моддий қийинчиликка учраган.
Москвада бир неча кун аëлининг жасадини моргдан олиб чиқиш учун маблағ излаганини билдирган Мустафоеванинг эри Умидга кўра¸ ёрдам сўраб мурожаат қилмаган жойи қолмаган.
"Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасидан “ўзинг пул топсанг - жўнатишга ёрдам берамиз!” деган жавобни олган Умид¸ катта қийинчиликлар билан жасадни Тошкентга олиб кетганини айтди.
Озодлик билан суҳбатда Марям Мустафоеванинг Тошкентдаги қўшниси Матлуба опа фалокат оилани қийин моддий аҳволга солиб қўйганини айтади:
- Ўтган ҳафта олиб келди, ерга қўйди. Эри ҳозир шу ерда, иккита боласи қолиб кетди. Болаларга қайнотаси-қайнонаси қарашаяпти. Ўша кунлари порталга 120 марта телефон қилиб, Ташқи ишлар вазирлигида бирор маротаба телефон кўтаришмади. Пуллари йўқ – ҳақиқатан шу аёлни олиб келишга роса қийналишди. Ҳар томонлама қарзга ботиб ўтиришибди, деди Матлуба опа.
Раменскоеда нобуд бўлган муҳожир аёлнинг қайин опаси Барно кўплаб расмий идораларга мурожаат қилгани, ниҳоят қарз олиб жасадни Москвадан олиб келишга мажбур бўлганини айтди:
- Магазинда ишлаётган эди. Энди кирувди ишга. Россияга укам ёнига чақиртириб олганига бир неча ол бўлганди ўзи. У ерда портлаш бўлганидан кейин, моргга олиб кетишган. Посольствога борса – “Фақат ўзингни пулингга!”, дейишган. Қандай у ерда қолдириб келамиз?! Олиб келиб олдик! Етмай қолганидан кейин қарз сўрашга мажбур бўлиб қолдим. У ерда тергов кетаётган экан ҳозир. Укам “ман қайтиб бормайман – керак эмас менга Россия, агар бу ерда хотинимни йўқотсам!”, деяпти, деди Барно.
Бу суҳбатдош¸ эр-хотиннинг уй-жойларини таъмирлаш учун бироз маблағ йиғишга Россияга кетганини¸ Марямнинг 7 ва 10 яшар икки фарзанди етим қолганини билдирди.
Москва вилоятининг Раменское шаҳридаги Советская кўчаси 8-уйда жойлашган “Аист” савдо марказида 8 декабрь эрталаб чиққан ёнғинда уч ўзбекистонлик нобуд бўлган, яна 5 ўзбек муҳожири турли жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилган эди.
Уларнинг аксари, жумладан Марям Мустафоева шу ерда жойлашган “Дисконт центр” арзон буюмлар сотишга мўлжалланган дўкон ишчилари бўлишган.
Маълум бўлишича, иккинчи қаватда қолган ва тутундан заҳарланган одамлар бинонинг ҳамма деразаларига темир панжара қоплаб ташлангани сабабли қутқарувчиларсиз чиқа олмаган.
Бу фожиа ортидан Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ёнғин оқибатида уч нафар ўзбекистонлик ўлгани ҳақидаги маълумотни текшираётганини билдирган эди.
Бироқ на Ташқи ишлар вазирлиги ва на элчилик расмий сайтларида бу текширув натижалари ҳақида бирор маълумот эълон қилинди.