Арманистоннинг собиқ мудофаа вазири Аршак Карапетян Москва шаҳри марказида қўлга олинган. Иддаоларга кўра, бу 29 декабрь куни содир бўлган. Собиқ вазирнинг қўлга олингани ҳақида РБК нашри, ТАСС агентлиги ва "112" телеграм-канали хабар қилишди.
Карапетян Арманистон сўровига кўра ушланган. Аввалроқ мамлакат расмийлари уни халқаро қидирувга беришган эди. Арманистонда Карапетян тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний иштирок этганлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлик ва ҳокимият суиистеъмолига оид моддалар бўйича айбланмоқда.
Карапетян 2018-2021 йилларда Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Шундан сўнг у мамлакат Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари лавозимини эгаллаган, 2021 йилнинг июль ойида эса мудофаа вазири лавозимига тайинланган. Ўша йил ноябрь ойида эса Карапетян ишдан бўшатилган.
Бунга Арманистон ва Озарбайжон чегарасида икки мамлакат қўшинлари ўртасида содир бўлган қуролли тўқнашув сабаб бўлган. Арманистон расмийлари ўша пайтда бостириб кириш уриниши бўлганини иддао қилишган. Озарбайжон эса Арманистон томонидан провокация бўлганини иддао қилган.
Карапетяннинг ишдан бўшатилиш сабабларига изоҳ бера туриб, Пашинян: “2021 йил 14 ноябрь куни эрталаб у менга чегара бўйлаб вазият тинч экани ҳақида ҳисобот берди, ваҳоланки у ҳисобот топшираётган пайтда Озарбайжон қўшинлари чегарамизнинг қатор участкаларида Арманистон ҳудудига бостириб киришиб, ҳатто позицияларни эгаллаб олишган эди. У мудофаа вазири бўла туриб, бу ҳақда билмаган, ёки била туриб, менга хабар қилмаган, бунақа ҳолатларда мен ҳеч кимга нисбатан тоқатли муносабатда бўлолмайман”, дея билдирган.
Карапетян истеъфога чиққанидан кейин “Бутунарман жабҳаси” деб аталган мухолифат ҳаракатига етакчилик қила бошлаган.