Москвада журналист Дмитрий Гордон сиртдан судланди

Украиналик журналист Дмитрий Гордон

Москвадаги иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди украиналик журналист Дмитрий Гордонни сиртдан 14 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Sotavision нашри хабар қилди.

Гордон террорчиликка чақирганлик, Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганлик ҳамда нафрат ва адоват қўзғатганликда айбланган.

Тергов тахминига кўра, Россия қўшинларининг Украина ҳудудига кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Гордон 2022 йил мартида ўз YouTube-каналида “Гордон россияликлар ва беларусларга мурожаат қилди” (“Гордон обратился к россиянам и белорусам”) ва “Путинни овлаш” (“Охота на Путина”) деб номланган видеороликларни жойлаштириб, уларда “махсус ҳарбий амалиёт (Москва Украинадаги урушни шундай атайди - таҳр.) чоғида россиялик ҳарбийларнинг хатти-ҳаракати ҳақида нотўғри маълумотларни тарқатган ва АҚШ президенти Жо Байденни Россияга ядровий зарба беришга чақирган”, дея хабар қилди ТАСС агентлиги.

Гордоннинг ўзи суд ҳукмига нисбатан изоҳ ўрнида Телеграмда масхарабоз (🤡) эмодзисини қолдирган.

Украиналик таниқли журналист ва бошловчи Дмитрий Гордон Киев шаҳар кенгашининг собиқ депутати ҳамдир. “Гордон” интернет нашри асосчиси бўлган журналист фаолияти давомида сиёсатчилар,жамоат арбоблари, ёзувчилар, рассомлар, режиссёрлар, артистлар, спортчилар ва бошқалар билан 1100 дан зиёд интервьюлар ёйинлаган.

Украина уруши бошланганидан кейин у россия ҳарбийлари томонидан содир этилган муҳтамал ҳарбий жиноятлар - Бучадаги воқеалар, фильтрацион лагерлар тузилиши, асирларнинг қийноққа солиниши тўғрисида кўплаб материаллар чоп қилган.

Дмитрий Гордон Украинадаги уруш мавзуси бўйича аввалроқ Озодликка ҳам катта интервью берган эди:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazar: Дронлар ҳақида гапирган украин журналисти Дмитрий Гордон ўзбеклардан узр сўради