Россия пойтахти Москвада Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Беларусда президент Александр Лукашенкони йўқ қилиш ва ҳарбий тўнтаришга ҳозирлик кўргани айтилаётган икки гумонланувчини қўлга олишган.
ТАСС агентлигининг ФСБ жамоатчилик билан алоқалар марказидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Россия ва Беларусь хавфсизлик хизматлари Беларусь ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган Юрий Зянкович ҳамда Беларусь фуқароси Александр Федутанинг ноқонуний фаолиятига чек қўйишган. Махсус хизматлар иддаосича, улар гўё ҳарбий тўнтариш тайёрлаш ва Лукашенкони йўқ қилиш тараддудида бўлишган.
Қайд этилишича, россиялик чекистлар беларуслик ҳамкасбларидан Зянкович ва Федутанинг мухолиф кайфиятдаги беларуслик генераллар билан шахсий учрашувига оид маълумот олишган. Учрашув Москвадаги ресторанлардан бирида бўлиб ўтган. ФСБ агентлари мазкур учрашувни тасвирга олишга муваффақ бўлган.
Федерал хавфсизлик хизмати сайтида фитначилар режаси баён қилинган бўлиб, унда ўз мурожаатини халққа ёйинлаш учун радио ва телемарказларни эгаллаб олишга ҳозирлик кўрилгани айтилган.
ТАСС агентлиги хабарида ресторанда учрашганлар ўртасида роллар тақсимланиши дохил тўнтариш режаси тафсилотлари келтирилган. Тўнтаришнинг якуний мақсади Беларусда конституциявий тузумни ўзгартириш бўлган.
Россия хавфсизлик идоралари учрашув иштирокчиларини қўлга олишиб, уларни беларуслик ҳамкорларга топширишди, дейилган Россия ФСБси сайтида. Федута билан Зянкович билан биргаликда ФСБ хабарномасида “беларуслик генераллар” деб аталган шахслар ҳам Минскка топширилганми-йўқми – бу ҳолат очиқланган эмас.