“Лукойл” нефть ширкати директорлар кенгаши раиси Равиль Маганов Москвадаги Марказий клиник касалхона ойнасидан тушиб кетгани натижасида вафот этди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар қилди. Марказий клиник касалхона вакиллари РБК нашрига Маганов ўлганини тасдиқлаган, бироқ воқеа қандай содир бўлганига аниқлик киритишмаган.
РЕН ТВ хабарига кўра, 67 ёшли раис касалхонанинг олтинчи қаватида муолажа олаётган бўлган. Mash телеграм-каналининг ёзишича, Маганов юрак хасталиклари бўлимида ётган. Аввалроқ унга “депрессия” ташхиси ҳам қўйилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, топ-менежернинг ўлимига қулаш натижасида олинган жароҳатлар сабаб бўлган. Маганов ўз жонини қасд қилган бўлиши мумкинлиги ҳам тахминлардан бири ўлароқ қаралмоқда. РБК нашри манбаси воқеа жойида полиция ходимлари ва Тергов қўмитаси терговчилари ишлаётгани, улар касалхона навбатчилари ва беморлар билан суҳбат ўтказаётганини айтган.
Равиль Маганов “Лукойл” ширкати директорлар кенгаши таркибига 1993 йилда кирган. 2006 йилдан бошлаб у ширкатнинг биринчи вице-президенти лавозимида ишлаган, 2020 йилдан эътиборан эса директорлар кенгашига раҳбар бўлган. “Лукойл” номи ҳам ширкатга Маганов таклифига кўра қўйилгани айтилади.
Мазкур ширкат Ўзбекистонда ҳам кўп йиллардан бери газ қазиб олиш билан шуғулланади. Маҳаллий таҳлилчилар аввалроқ Россия ширкати Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг 90 фоизини ўзига олиб, 10 фоизини Ўзбекистонга қолдираётганидан норози бўлиб, у билан шартномаларни қайта кўриб чиқишни таклифини олға суришган.