Москвада митинг ўтказган ўзбекистонликлар иши Сенат назоратига олинди

Минглаб норозиларни тарқатиш учун қўриқчилар ҳавога қарата ўқ узган. "Настояшчее время" телеканали видеосидан олинган скриншот.

Москвада митинг ўтказган минглаб ўзбекистонликларнинг иши Ўзбекистон Сенатининг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси назоратига олинди.

Сенат расмий сайтида маълум қилинишича, митингга чиққан ўзбекистонликларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Билдирувда “амалий ёрдам” конкрет нималардан иборат экани қайд этилмади.

Сенат билдирувида таъкидланишича, 2022 йилда Ўзбекистон давлат идоралари томонидан меҳнат муҳожирларининг 14 мингига ҳуқуқий ёрдам, 271 мингига маслаҳат хизматлари, 20 мингига ижтимоий ёрдам, 1,4 мингига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. Иш берувчилардан ўзбек муҳожирларининг 1 199, 7 минг долларлик иш ҳақиси ундириб берилган.

23 февраль куни “Настояшчее время” телеканалининг “Азия” дастурида Москвада минглаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик Crocus Group ширкатига қарши норозилик намойишига чиққани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур қурилиш ширкати ишчилари 4 ойдан бери ойликлари берилмаётганидан норози бўлишган. Норозиларни тарқатиш учун ширкат қўриқчилари осмонга қарата пневматик қуроллардан ўқ отган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг билдиришича, жароҳат олганлар ва ҳибс қилинганлар орасида ўзбекистонлик муҳожирлар йўқ. Россиядаги ваколатхонаси ҳам можаро юзасидан маълумот берганди.

“Корхона раҳбарияти фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ишлаган барча маошларини тўлашга ваъда берган", дейилади расмий билдирувда.