Москвада ўзбекистонликлар иштирокида содир бўлган муштлашувда уч киши пичоқланди

Россия пойтахтининг Текстилшчики туманида янги йилга ўтар кечаси ўзбекистонлик ва қирғизистонлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлган. Бу ҳақда хабар қилган “Интерфакс” агентлигига кўра, ҳодисада уч нафар ўзбекистонлик ва 10 нафар қирғизистонлик иштирок этган.

Нашр манбаси оммавий муштлашув чоғида уч киши пичоқлангани, улардан икки нафари ўзбекистонлик, бири эса қирғизистонлик эканини маълум қилган.

Ҳодисага шахсий адоват сабаб бўлгани айтилмоқда.

Муштлашув ортидан полиция тўққиз нафар қирғизистонлик қўлга олиб, маъмурий баённомалар тузган. Эндиликда бу шахслар 5 минг рублдан 7 минг рублгача жаримага тортилиб, Россия ҳудудидан бадарға қилиниши мумкин.

“Интерфакс” нинг ёзишича, ҳодиса кейинроқ Москва шаҳар ИИББ вакиллари томонидан ҳам тасдиқланган. Ҳуқуқ-тартиботчилар маълумотига кўра, муштлашув ортидан 10 киши қўлга олинган.