Россиянинг Москва вилоятида 3 январь куни РСФСР Олий кенгашининг сўнгги раиси ва мустақил Россия Федерацияси Олий кенгашининг илк спикери Руслан Хасбулатов вафот этган. Ўз дала ҳовлисида оламдан ўтган сиёсатчи, маълумотларга кўра, бундан 1,5 ой муқаддам 80 ёшини қаршилаган эди.
Ҳуқуқ фаоли Александр Черкасовнинг Facebook'даги ўз саҳифасида ёзишича, чеченистонлик Хасбулатов 4 январь куни ўзи туғилган Толстой-Юрт қишлоғида дафн этилади.
Руслан Хасбулатов 1965 йили Москва Давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирганидан кейин Плеханов номидаги иқтисодиёт университетида (аввалги Халқ хўжалиги институти) дарс берган. 1980 йили докторлик диссертациясини ёқлаб, иқтисод фанлари доктори унвонини олган.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Хасбулатов РСФСР халқ депутати этиб сайланган. 1991 йил октябрида у РСФСР олий кенгаши раисига айланган. Ўша йил декабрида Россия мустақил давлатга айлангач, парламент спикери сифатида фаолиятини давом эттирган.
Хасбулатов 1991 йил августидаги Путч воқеасига қарши чиққан асосий сиёсатчиларида бири бўлган. Ўшанда у Фавқулодда ҳолат бўйича давлат қўмитаси (ГКЧП) ҳаракатини қоралаб, “Россия фуқароларига” мурожаат билан чиққан эди.
1993 йили Хасбулатов Александр Руцкой билан биргаликда ўша пайтдаги Россия президенти Борис Ельциннинг фаол мухолифига айланган. Бу қарама-қаршилик конституциявий инқирозга йўл очган, шундан кейин Москвада қуролли тўқнашув содир бўлган. Мазкур воқеа ортидан Россия Олий кенгаши тарқатиб юборилган, Хасбулатов эса бир муддат ҳибсда тутиб турилган, бироқ тез орада бошқа иштирокчилар каби афв этилган.
2003 йили Хасбулатов Чеченистон раҳбари сайловида иштирок этиш ниятини билдирган, бироқ кейинчалик бу фикрдан воз кечган. 2021 йили у Рамзан Қодировнинг Чеченистон раҳбари лавозимига қайта сайланишини дастаклаб чиққан.