Москвада қирғизистонлик ва тожикистонликлар ўртасида бўлиб ўтган оммавий муштлашувда иштирок этган шахслар жаримага тортилиб, Россиядан депортация қилинади. Шунингдек, айрим шахсларга Россияга кириш тақиқлаб қўйилади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳри бўйича бош бошқармаси маълумот тарқатди.
Полиция қайдича, ҳодиса ортидан муштлашувда иштирок этган 103 нафар киши қўлга олинган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан Россияда юриш тартибини бузганлик ҳамда майда безорилик моддалари бўйича баённомалар расмийлаштирилган. Айни пайтда жамоат тартибини бузганлик бўйича ҳам қатор баённомалар тузилиши кутилмоқда.
“Ҳозирги пайтда полиция ходимлари томонидан текширув ўтказиляпти, ҳодисага оид барча ҳолатлар аниқланяпти. Текширув натижаларига кўра қонунга мувофиқ равишда қарор қабул қилинади”, дейилган бош бошқарма хабарномасида.
Аввалроқ Қирғизистоннинг Россиядаги ИИВ вакили Нурлан Жанбаев муштлашув чоғида қўлга олинган 103 кишидан 70 нафари қирғизистонлик эканини маълум қилган. Унга кўра, тартибсизлик чоғида қирғизистонликлардан бири чавақланган, унинг аҳволи қониқарли дея баҳоланмоқда.
Оммавий муштлашув 12 июль куни Москванинг “Кузьминки” метро бекати яқинидаги Зеленодольская кўчасида содир бўлган. Тўқнашув чоғида бир неча киши жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган, улар орасида пичоқланганлари ҳам бор.