Москвадаги Қизил майдонда 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида СССРнинг Германия устидан ғалабасининг 79 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад бўлиб ўтмоқда.
Бу Россия қўшинлари 2022 йил февралида Украина ҳудудига кенг кўламда босқин бошлаганидан буён ўтказилаётган учинчи параддир.
Маълумотларга кўра, парадда минг нафар уруш қатнашчиси дохил 9 мингга яқин ҳарбий иштирок этяпти. Москвада йилнинг бу мавсуми учун одатий бўлмаган совуқ ҳарорат кузатилмоқда. Парад трансляцияси кадрларида қор ёғаётганини кўриш мумкин.
Парадни мудофаа вазири Сергей Шойгу қабул қиляпти. Ҳукумат истеъфога кетгани ва янги таркиб ҳали таклиф этилмагани учун у ҳам бошқа вазирлар каби айни пайтда вазир вазифасини бажарувчи мақомидадир. Икки ҳафта муқаддам Шойгунинг ўринбосари Тимур Иванов ҳибсга олинган.
Қизил майдондаги минбарда Россия президенти Владимир Путиндан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Туркманистон президентлари ҳамда маросимга махсус таклиф этилган Лаос, Гвинея-Бисау ва Куба лидерлари турибди. 8 май куни Москвада бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида иштирок этган Арманистон бош вазири Никол Пашинян бу сафар парадга қолган эмас.
Путин параддаги чиқишида Ғалаба кунини Россиянинг “асосий байрами” деб атади. У ўз нутқи аввалиданоқ Ғарб мамлакатларини танқид қилиб, уларни нацизмни реабилитация қилиш ва тарихни сохталаштиришга айблай бошлади.
“Россия глобал зиддиятга йўл қўймаслик учун қўлидан келган барча ишни қилади, бироқ бизнинг стратегик кучларимиз доим жанговар ҳозирлик ҳолатидадир”, деди Путин.
Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гапирар экан, у бутун Европа Гитлер Германияси учун ишлаганини, Совет Иттифоқи эса унга узоқ вақт мобайнида қарийб бир қарши турганини иддао қилди. Айни пайтда у Хитой “милитаристик Япония”га қарши курашганини зикр этиб ўтди.
Ўз сўзида Путин “махсус ҳарбий амалиёт” мавзусига ҳам тўхталиб, Украинадаги уруш иштирокчиларини “қаҳрамонлар” деб атади. У ўз нутқида “Украина” сўзини тилга олмади. Путин ўз чиқишини “Россия учун, ғалаба учун, ура” деган жумла билан якунлади.
Нацизм устидан Ғалаба куни дунёдаги аксар мамлакатларда 8 май куни нишонланади, чунки 1945 йили айнан шу куни Германия капитуляцияси ҳақида эълон қилинган. СССРда ғалаба ҳақида 9 май куни эълон қилинган. 1965 йилдан эса 9 май Совет Иттифоқида дам олиш кунига айланган. Совет даврида 9 май куни парадлар кўп ўтказилган эмас, ҳарбий парадни ҳар йили ўтказиш Путиннинг салафи Борис Ельцин томонида жорий қилинган анъанадир.
Путин ҳукмронлиги даврида Ғалаба кунида давлат пропагандасининг мафкуравий мазмуни йилдан-йилга ўзгариб турган. Сўнгги йилларда Россия расмийлари бу байрамдан Ғарбга қарши туришни, кейин эса Украинадаги урушни оқлаш учун фойдалана бошлаганлар.