Москвада автомобилни портлатганликда гумонланган киши Туркиянинг Бодрум шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатди. Вазирлик қўлга олинган шахс исмини очиқлади – бу Россия фуқароси Евгений Серебряковдир.
Туркия ИИВ гумонланувчининг қўлга олиниши видеосини ёйинлади. Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқая Серебряков Бодрумга Москвадан тонгги рейс билан учиб келганини маълум қилди. У аввал Интерпол томонидан қидирилаётган шахслар халқаро базасида бўлган эмас. Туркия полициячиларига уни қўлга олиш талаби билан Интерполнинг Россия бўлими ходимлари мурожаат қилишган – улар Серебряков террор хуружини содир этганлик айблови билан қидирилаётганини билдиришган.
24 июль тонгида Москванинг шимолий ҳудудида автомобиль портлатилган. Натижада ҳайдовчи оғир яраланган, портлаш чоғида унинг товони узилиб кетган. Шунингдек, портлашдан ҳайдовчининг хотини ҳам жабрланган. Маҳаллий нашрлар машина Россия армиясиинг катта офицерига тегишли бўлгани ҳақида ёзишмоқда.
“Агентство” нашри иддаосига кўра, жабрланувчи шахс 45807-ҳарбий қисмда хизмат қилиб келган Россия Разведка бош бошқармаси (ГРУ) зобити Андрей Торгашовдир. Бу ҳарбий қисм Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ зобитига Москвада уюштирилган суиқасд ва ГРУ агентларининг Норвегиядан чиқарилиб юборилиши билан боғлиқ журналистик суриштирувларда эслатилган эди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) директори Александр Бортников ҳодисадан сўнг портлаш содир этган кишининг шахси аниқлангани билдирган, бироқ унинг исмини очиқламаган эди. Бортников гумонланувчи Туркияга учиб кетишга улгургани ҳамда Москва Туркия полицияси ва хавфсизлик хизматлари билан биргаликда уни қўлга олиш ва Россияга экстрадиция қилиш ҳақида музокаралар олиб бораётганини ҳам қўшимча қилган.
Автомобиль портлатилиши ҳодисаси бўйича икки ёки ундан ортиқ одамга қарши суиқасд айблови билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳуқуқ-тартиботчилар фикрича, айблов теракт ўлароқ қайта малакаланиши мумкин.
Россия Тергов қўмитаси қўлга олинган Евгений Серебряковни халқаро қидирувга берган, Москва суди эса уни сиртдан ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.