АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси террорчиликка қарши кураш ўрнига ўз фаолиятини асосан Хитойга қаратади. Бу ҳақда МРБ директорининг ўринбосари Дэвид Коэн, Associated Press агентлиги хабарига кўра, контртеррор бўлими раҳбарлари билан ёпиқ тарзда ўтказилган учрашув чоғида билдирган.
Коэнга кўра, АҚШ террорчиликларни таъқиб этишни давом эттиради, бироқ эндиликда энг устувор вазифа Пекинни яхшироқ англашга уриниш ва унга қарши туришга қаратилади. Маблағ ва МРБ бошқа ресурсларининг кўпи шу мақсад учун йўналтирилади, бу эса бошқа соҳаларга, шу жумладан террорчиликка қарши курашга ажратилаётган маблағ камайтирилишини талаб қилади, дейишган AP манбалари. Разведка бюджети махфий бўлгани учун бу борада рақамларга аниқлик киритишнинг имкони йўқ.
Агентликнинг ёзишича, МРБда “сокин бурилиш” амалга оширилган: юзлаб ходим Хитой билан боғлиқ лавозимларга ўтказилмоқда. Бошқарма ичида кўпчилик хитой тилини ўрганяпти ва МРБ хитойча гапира оладиган одамларни кўпроқ ёллашга уринмоқда.
АҚШ Хитойнинг йилдан-йилга ошиб бораётган сиёсий ва иқтисодий амбицияларидан хавотирга тушган. Вашингтон қайдича, Пекин АҚШдаги сайловларга таъсир кўрсатишга уринган, кибержосуслик билан шуғулланган ҳамда Шинжонда истиқомат қилувчи миллионлаб мусулмон уйғурни лагерларга қамаган.
Бундан ташқари, АҚШ яқин йиллар ичида Пекин ўзини ўзи бошқариб келаётган Тайванни куч билан эгаллаб олишга уриниши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Хитой мазкур оролни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.