Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 6 январь куни бўлиб ўтган мажлисида жорий йилда ўтказилажак президент сайловига тайёргарлик масаласи кўрилган. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномада Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга ҳозирдан алоҳида эътибор қаратаётгани урғуланган.
“Бунда ўтган сайловларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш ишлари муҳим ўрин тутади”, дея қайд этган МСК мулозимлари.
Чоршанба кунги мажлисда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) миссиясининг Ўзбекистонда 2019 йил 22 декабрида ўтказилган сайловларни кузатиш юзасидан тавсиялари, МСКнинг 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари ва 2021 йилнинг биринчи ярми учун иш режасига оид ҳамда Комиссия фаолиятини янада такомиллаштиришга доир айрим низомлар лойиҳаларини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.
Шунингдек, мажлисда МСКнинг 2020 йил иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари батафсил таҳлил этилиб, 2021 йил биринчи ярми учун иш режаси тасдиқланган ва бошқа масалалар қаралган.
Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Ш. Мирзиёев ғалаба қозонган.