Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказилади. Бунга оид қарор Марказий сайлов комиссиясининг 26 июль куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинди.
МСК хабарномасида сайлов куни Ўзбекистон Конституциясининг 128-моддаси ва Сайлов кодексининг 14, 36-моддаларига мувофиқ белгилангани қайд этилган.
“Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, бугундан, яъни 2024 йил 26 июлдан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилиб, Календарь режа тасдиқланди”, дейилган хабарномада.
Шу тариқа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар октябрь ойининг сўнгги якшанбасида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда парламент қуйи палатаси ва маҳаллий депутатлари сайлови шу йил октябрида бўлиб ўтишига бундан ўн кун муқаддам Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган ўзбекистонлик депутатлар ишора қилишган эди. Ўшанда Сенат раиси Танзила Норбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси МДҲ Парламентлараро ассамблеяси халқаро кузатувчиларини жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатишга таклиф қилишган.
Бунгача Ўзбекистонда келаётган кузда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилиши МСК томонидан ҳам, бошқа бир ваколатли идора томонидан ҳам расман тасдиқланган эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 мартида сиёсий партиялар ролини ошириш учун - мажоритар ва пропорционал сайлов тизимига ўтишни таклиф қилган.
Ушбу таклиф асосида 2023 йилнинг 18 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Ҳужжатга мувофиқ, бундан буён парламентдаги 150 ўриннинг ярми - пропорционал шаклда - партиявий рўйхатлар билан, ярми - мажоритар тизимда - номзодларга овоз бериш йўли билан тақсимланиши лозим.