МСК президент сайловини ёритиш борасида қатор маҳаллий нашрлар билан меморандум имзолади

Иллюстратив сурат

Марказий сайлов комиссияси давлатга қарашли ҳамда амалдаги расмийлар позициясига хайрихоҳ бўлган оммавий ахборот воситалари билан Ўзбекистонда президент сайловига тайёргарликнинг бориши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзолади.

Марказий сайлов комиссияси ахборот хизматига куни кеча раҳбар этиб тайинланган Жалолиддин Усмоновга кўра, меморандумлар Миллий телерадиокомпания, ЎзА ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, UzReport ахборот агентлиги ҳамда “ЗЎР ТВ” телеканали имзоланган.

Қайд этилишича, меморандумда сайлов қонунчилиги нормаларига амал қилган холда барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, номзодлар ва сиёсий патияларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга ўз вақтида етказиш каби вазифалар акс этган.

Ўзбекистонда галдаги президент сайлови жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов мамлакатда президент сайлови бўйича сайловолди жараёнига июль ойи охиридан старт берилишини очиқлаган эди.

Ўшанда сайловолди жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўринлари жуда муҳим бўлишини урғулаган Ш. Асадов ўзбек расмийлари барча оммавий ахборот воситаларидан, хусусан, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган чет эл ОАВдан объективлик-холисликни кутишини айтган.