МСК қатор халқаро ташкилот ва давлатлардан бўлган кузатувчиларни рўйхатдан ўтказди

Марказий сайлов комиссиясининг 23 сентябрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилишга оид масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда маълумот тарқатган МСК матбуот хизмати шу кунга қадар 6 нафар хорижий мамлакатдан ва ЕХҲТ ДИИҲБдан 40 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилганига эътибор қаратган.

Қайд этилишича, пайшанба кунги мажлисда президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (7), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (25), Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (1), шунингдек Озарбайжон Республикаси (2), Беларусь Республикаси (2), Қозоғистон Республикаси (3), Латвия (1), Миср (5), Россия Федерацияси (5), Сингапур (3), Туркия (5), Украина (1), Чехия Республикаси (1), Япония (2) ва Қувайт (3) давлатларидан 66 нафар хорижий кузатувчи рўйхатдан ўтказилган.

Мажлисда МСК аъзолари оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиққанлар. Уларга сўнгги пайтда Марказий сайлов комиссиясига яна 53 та ОАВ томонидан мурожаат келиб тушгани билдирилган.

Мажлисда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланган ва 53 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 167 нафар вакили аккредитациядан ўтказилган.

“Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари жами 1129 (шундан 48 нафари хорижий) нафарни ташкил этмоқда”, дейилган МСК хабарномасида.

Ўзбекистонда президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.