Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Тошкентда ўтказилган брифингда 27 октябрь куни мамлакатда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайловида рўйхатларга киритилган сайловчиларнинг 74,72 фоизи овоз берганини билдирди.
Мулозимга кўра, якшанба кунги овоз беришда сайлов рўйхатига киритилган 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчидан 15 миллион 27 минг 529 нафари участкаларга келиб овоз берган.
МСК матбуот хизмати эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, парламент қуйи палатаси депутатлиги учун сайловда 150 та ўриндан 64 тасини (42,7 фоиз) ЎзЛиДеП , 29 тасини (19,3 фоиз) “Миллий тикланиш” партияси , 21 тасини (14 фоиз) “Адолат” партияси, 20 тасини (13,3 фоиз) ХДП, 16 тасини (10,7 фоиз) эса Экологик партия эгаллашга муваффақ бўлган.
Мухолифат партияларисиз ўтган сайлов натижалари ҳақида айни пайтда Тошкентдаги МСК матбуот марказида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси миссияси вакиллари брифинг ўтказмоқда.
Сайловни кузатган бошқа халқаро кузатувчилар, хусусан ЕХҲТ кузатувчилари якшанба куни бўлиб ўтган сайлов ҳақида ўз хулосаларини қачон тақдим этиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.