Президент Мирзиёев армия жанговар шайлигини оширишга кўрсатма берди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлигини, жанговар қобилиятини янада ошириш масаласини кун тартибига қўйди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда армияни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Президент армияни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк билан таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуини такомиллаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги кўрсатиб ўтди.

Йиғилиш якунида президент Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берди. Президент матбуот хизмати бу топшириқлар тафсилотларини маълум қилмади.