Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 9 май куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да “Янги Ўзбекистон” боғида мушакбозлик ташкил этилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирлик 8 май куни ҳам Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкентнинг асосий кўчалари бўйлаб ҳарбийлар юришини уюштирган эди. Пойтахтдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидан бошланган кечаги тадбир Magic City майдонида ниҳоясига етганди.
Мудофаа вазирлиги уюштирган чоршанба кунги тадбирларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйган эди.
Бунинг ортидан шу куннинг ўзида Россия пойтахтига йўл олган Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида қатнашган, 9 май куни эса у мезбон президент Владимир Путинга ҳамроҳлик қилиб, Москванинг Қизил майдонида уюштирилган ҳарбий парадда иштирок этди.