Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшни Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учинчи марта ракета ҳужуми уюштирилганини рад этди. Вазирлик иддаосича, ижтимоий тармоқларда бу ҳақда тарқатилаётган хабарлар "ёлғон бўлиб, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди".
“Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан тўлиқ назорат қилинмоқда, вазият барқарор”, дейилган Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Афғонистондан Ўзбекистон томонга баравар ўт очиш реактив тизимидан 8 снаряд учирилган”ига оид хабарлар тарқалган эди.
Бундан қарийб икки ҳафта муқаддам Термиз шаҳрига Афғонистон ҳудудидан 5 та снаряд учиб келгани ҳақида Озодлик илгари хабар қилган.
Шунингдек, апрель ойида қатор расмий сайтларда ва ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий бўлинмаларига ўнта ракета отилганига оид хабарлар пайдо бўлган.