Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги 36,1 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ноқонуний ўзлаштирилгани тўғрисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган маълумотларни рад этди.
Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги: “Ўтган 6 ойда Мудофаа вазирлиги 36,1 млрд сўмни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 млрд сўм маблағни давлат харидларига оид қонунга зид равишда ишлатган”, дейилган маълумотни тарқатган эди.
Орадан кўп ўтмай, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Мудофаа вазирлигига тегишли бу маълумотни ўз тармоқларидан ўчириб ташлади.
“Агентлик хабарида қайд этилган маълумотлар Мудофаа вазирлиги бюджет маблағларига алоқадор эмас, балки “Ҳарбий савдо” ташкилотларининг сўнги беш йил ичида йўл қўйган хатолари ва камчиликларидир”,-дейилади Мудофаа вазирлиги раддиясида.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 10 та вазирлик, идора ва ташкилотларда ўтказилган ўрганишларда 1 143 та ҳолатда 48,5 миллард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқлангани тўғрисида билдирган эди.
28 июлда Бош прокуратура жорий йилнинг 6 ойида Ўзбекистонда жами 1 429 та жиноят иши бўйича 1 785 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани тўғрисида хабар берган эди.
Жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 13 нафари республика, 195 нафари вилоят ва 1 577 нафари туман - шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
“Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 1 210 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон - торож қилиш, 158 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 129 нафари фирибгарлик, 74 нафари порахўрлик, 22 нафари мансаб сохтакорлиги, 15 нафари мансабга совуққонлик қараш, 7 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 170 нафари бошқа жиноятларни содир этишган”,-дейилади хабарда.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 668,2 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 599,1 млрд. сўми ундирилган.