Россиядаги миллионлаб ўзбек муҳожирлари ҳам коронавирус карантини тугаб¸ ҳаëт нормал изга қайтишини кутмоқда.
Айрим муҳожирлар эса¸ карантин пайтида бозори чаққонлашган ишларни қилиб¸ тирикчилигини ўтказяпти.
Бухоролик Муҳаммад карантинда москваликларга озиқ-овқат ташиëтган куръерлардан бири.
- Одатда якшанба куни буюртмалар кам, карантинда эса ҳар кунингиз - якшанба, дейди “Яндекс.Еда” сервиси хизматчиси Муҳаммад.
Муҳаммад - 22 ёшда, у Бухородан. Москвага учинчи маротаба пул ишлагани келган Муҳаммад Москванинг марказидаги квартиралардан бирида ўзига ўхшаган бир гуруҳ меҳнат мигрантлари билан бирга ижарада туради.
Бухорода Муҳаммаднинг ота-онаси, учта синглиси қолган. Ўзбекистонда “сантехника” мутахассислиги бўйича билим юртини тамомлаган Муҳаммад Москвада пул ишлаш осонроқ, деган фикрда.
Муҳаммад москваликлар интернет орқали буюртма берадиган озиқ-овқатни велосипедда етказиб беради.
- Буюртма кам бўлиб, курьерлар сони кўпайиб кетганда- тинимсиз қимирлаб туриш керак, усиз заказларни тарқатувчи Интернет илова сени “кўрмай” қолади. 5-10 дақиқа велосипед минаман, бироз дам оламан. Кейин яна велосипедга.
Шу боис у буюртмаси бўлмаса ҳам Москвада велосипедда сайр қилиб юришга мажбур.
Буюртма соатлаб бўлмаслиги мумкин. Муҳаммад 10 соатлик иш кунида 2000 рублгача ишлайди. Битта етказиб берилган заказ учун 150, энг ками эса¸ 130 рубль тўлашади.
Москвада чойчақани кам беришади, аммо Муҳамад Москва-Ситида ўзига минг рубль берган мижозини эслайди.
Иш берувчи курьерларга ҳар куни ишлаш имконини берсада¸ Муҳаммад ҳафтада бир кун дам олишини айтади.
Коронавирус пандемияси курьерлар ишига ҳам ўзгартишларни киритди. Хусусан¸ егуликларни мижоз қўлига тўғридан-тўғри бериш тақиқланди.
- Заказни қўлига топширсангиз дарҳол ишдан бўшатиб юборишади, дейди у.
Аксар курьерлардек, Муҳаммад ҳам буюртмасиз қолган соатларини McDonalds ёки KFC каби фастфуд ресторанларида ўтказади. Бу ердаги бепул wi-fi, арзон ва тўйимли овқат, иссиққина жой унинг жонига оро киради...
Бу ресторанларга киришдан олдин Муҳаммад қўлини, пултопар сумкасини дезинфекция қилади.
Муҳожир йигитда ниқоби бор, бироқ уни тақмасдан¸ чўнтагида олиб юради.
Коронавирус билан касалланишдан ҳам қўрқмайди:
- Нимасидан қўрқасиз?! Одам бирор кун барибир ўладику. Мен ёки сиз ҳал этмаймиз одамнинг қачон ўлишини: ҳаммаси олдиндан белгиланган”.
Москвада озиқ-овқат ташувчи курьерларининг аксар қисми - меҳнат муҳожирлари. Улар бир-бирлари билан таниш бўлиб кетган, заказлар бўлмаганида¸ тўхтаб суҳбатлашишади, бир-бирига янгиликлар билан ўртоқлашишади.
Муҳаммад "Яндекс.Еда"да ишлашнинг ўзига хос қулайликлари борлигини айтаркан¸ сариқ нимча ё курткадаги тўртбурчак рюкзак кўтарган ишчиларни полиция тўхтатмаслиги¸ улардан ҳужжат сўрамаслигини тилга олади.
- Умуман эслолмайман мени охирги маротаба қачон тўхтатишганини, дейди бухоролик йигит.
Муҳаммадга Москва унчалик ёқмайди, Россия пойтахти фақат пул ишлаш учун қулайлигини гапиради.
- Пул ишлашга - ёқади, одамлари - ёқмайди, тўғрисини айтаман. Жуда кибрли¸ одамни менсимайди. Бизда аксинча, пул кам, аммо одамлар хушмуомала. Менимча, Россияда фақат москваликлар шундай қўполроқ, бошқа жойларда ундай эмас. Чунки доставкада Россиянинг бошқа вилоятларидан келган одамлар ҳам ишлайди¸ шулардан биламан.
Россияда коронавирус пандемияси ортидан жорий қилинган “изоляция” режими 31 майгача сақланади. 22 май кунги ҳолатга кўра, мамлакатда 326 448 одамнинг коронавирус юқтиргани қайд этилган¸ уларда 3249 нафари нобуд бўлган.
Касалланган ва ўлганларнинг қанчаси меҳнат муҳожири экани ҳақида ҳозиргача расмий маълумот берилган эмас.