Муҳаммад Солиҳ ҳайкаллари Измир кўргазмасида намойиш этилмоқда

Туркиянинг Измир шаҳрида ўтаётган "Онадўли афсоналари" санъат кўргазмаси афишаси, 2024 йил 5 сентябри

Туркиянинг Измир шаҳридаги Аҳмед Аднан Сайгун санъат марказида 5 сентябрь куни эллик нафар рассом ва ҳайкалтарошнинг ижод намуналари жаъм бўлган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Онадўли афсоналари” деб номланган ҳамда туркиялик ва хорижлик санъаткорларнинг ҳайкаллари, барельефлари, керамика ва мойбўёқ асарлари намойиш этилажак кўргазма “Шоҳморон” халқаро санъат ва адабиёт платформаси томонидан ташкил этилган.

Уч ҳафта давом этадиган кўргазмага ўзбекистонлик таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг ҳам ҳайкалтарошликка оид учта асари қўйилган.

Муҳаммад Солиҳ "Онадўли афсоналари" кўргазмаси ташкилотчилари билан бирга, Измир, 2024 йил 5 сентябри

Кўргазма куратори Надире Гучсав хонимга кўра, Муҳаммад Солиҳнинг санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинаётган “Украина”, “Отатуркчи хотин” ва “Ойдин Солиҳ портрети” деб номланган ҳайкал ва барельефларида кучли ҳиссиёт устуворлик қилиб, улар стантдартлардан ташқари ва оригинал асарлардир.

Ўзбекистонлик атоқли сиёсат арбоби ва санъаткор Муҳаммад Солиҳнинг бу кўргазмада иштирок этаётгани биз учун катта шарафдир. Уни бошқа кўргазмаларимизда ҳам кутиб қоламиз”, деди Измирдаги кўргазма куратори Надире Гучсав.

Муҳаммад Солиҳнинг Измирдаги санъат кўргазмасида намойиш этилаётган "Украина" барельефи, 2024 йил 5 сентябри

Умрининг сўнгги 31 йилини Туркия ва бошқа хорижий давлатларда кечирган Муҳаммад Солиҳ кейинги йилларда шеърият ва публицистикадан ташқари рассомлик ва ҳайкалтарошлик билан ҳам жиддий шуғуллана бошлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчисининг сўнгги йиллардаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган “Муҳаммад Солиҳ. Адашмаган ҳайкаллар” номли видеоэссени қуйида томоша қилишингиз мумкин: