Инвестор Тошкент ҳокимини ўзини қурилиш бозоридан сиқиб чиқараëтганликда айбламоқда

Муҳаммадбобур Хўжаев¸ ўзининг давлат ваколатидан шахсий манфаатлари учун фойдаланаëтган ҳокимият раҳбарлари нишонига айланганини айтмоқда.

28 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида тошкентлик инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев қурдирган яна иккита уй тақдири кўриб чиқилади – туман ҳокимлиги 600 одам яшаëтган иккита уч қаватли уйни ноқонуний қурилган деган иддао билан бузишни сўрамоқда.

Хўжаевнинг мазкур туманда қурдирган 3 қаватли уйларидан бири 2018 йилнинг 4 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов ва шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг оғзаки буйруғи билан бузиб ташланган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бош вазир тадбиркорни бир кунда 560 минг долларидан айирди

Хўжаевнинг Озодликка айтишича¸ бу ноқонуний ҳатти-ҳаракат ҳақида матбуотга гапириб¸ ДХХга арз қилгани ортидан унинг Тошкент шаҳрида қурдирган яна беш объекти шаҳар ҳокимининг оғзаки топшириғи билан бузишга берилган.

28 март кунги судгача бўлган жараëннинг маъмурий босим остида кечганини таъкидлаган девелопер¸ Тошкентдаги қурилиш бозорини монополиясига айлантирган пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни арзон уй қураëтгани учун ўзини бу бозордан сиқиб чиқараëтганликда айблади.

Озодлик гаплашган Мирзо Улуғбек туман ҳокими бу иддаони рад қилишга уринди¸ Ортиқхўжаев матбуот хизмати эса¸ иш судда кўрилаëтгани боис¸ бу ҳақда изоҳ берилмаслигини билдирди.

Судсиз бузишдан суд қарори билан бузишга ўтилди

28 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди туман ҳокимлиги даъво аризасини кўриб чиқади.

Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги Риштон кўчасида қурилган 76- ва 97- уйларни “ўзбошимчалик билан қурилганлик”да айблаб¸ суддан уларни бузиш ҳақида ажрим чиқаришни сўраган.

Бу уйларни қурдирган хусусий инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев эса¸ уйларнинг айнан Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги ва пойтахтдаги қурилиш учун масъул давлат тизимлари рухсати билан қурилганини айтади.

- Бу уйларга 600 одам кўчиб кирган¸ ҳозир уларни кўчага ҳайдаб¸ уйларни бузишмоқчи. Бу уйлар шаҳарсозлик қоидаларига мос равишда қурилган. Ер¸ лойиҳалаштириш ва қурилиш билан боғлиқ ҳамма ҳужжатларим бор¸ ҳаммаси қонуний¸ ҳаммасига давлат идоралари қўл қўйган¸ тасдиқлаган. Лекин ҳеч ким бунга қарамаяпти. Мақсад¸ бу уйларни бузиш! Ҳокимият¸ прокуратура ва суд ана шу мақсад учун тил бириктириб бирга ишлаяпти¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Муҳаммадбобур Хўжаев.

Бу ишни икки ойдан бери ўрганаëтган Гуманитар ҳуқуқий маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниев¸ Муҳаммадбобур Хўжаев қурдирган 3 қаватли уйнинг ўтган йил ноябрида бузиб ташланиши билан бошланган қонунсизликнинг тўхтовсиз давом этаëтганини айтади.

- Шахсан бош вазир Арипов ва Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевнинг машина ичидан кўрсатиб¸ мана шу уй йўқотилсин¸ деган оғзаки фармонини бажаришда пулини бериб¸ бу уйга кириб яшаëтган одамларни судсиз ташқарига чиқараяпти булар. Бу бир. Иккинчиси¸ суд ва унгача бўлган процессларда Муҳаммадбобур ва унинг қурувчиларига ҳам прокуратура¸ ҳам суд тизими томонидан бевосита тазйиқ кўрсатилаяпти ва бу бизни хавотирга солаяпти¸ дейди ҳуқуқшунос Ғаниев.

Хўжаев қурдирган иморатлар нега буздирилмоқда? Ҳоким жавоби

Озодлик бу савол билан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашевга мурожаат қилди.

- Бизга ноқонуний ëки ўзини тартиб-қоидаси билан қурилмаган уйларни бузиш ҳақида ГлавАПУ(Тошкент архитектура ва қурилиш бош бошқармаси назарда тутилмоқда – таҳр.) ëки қурилиш бўлими текшириб¸ хулоса беради. Бизнинг туманда фақат Хўжаев қурдирган олтита уй эмас¸ балки жуда кўп бошқа уйлар ҳам бузишга берилган. Улар ичида хусусий хонадонлар ҳам¸ кўп қаватли уйлар ҳам бор¸ деди Иргашев.

Мирзо Улуғбек туман ҳокими Хўжаевнинг¸ “ҳамма ҳужжатларим ҳокимлик ва бошқа давлат идоралари томонидан қонуний расмийлаштирилган¸ ўзлари қуришга рухсат бериб¸ энди ўзлари ноқонуний қурилди¸ деб иддао қилаяпти”¸ деган эътирозига ҳам жавоб берди:

- Ҳозирги тартиб-қоидага кўра¸ қурилишларни ҳокимият расмийлаштирмайди¸ бу Ягона дарча орқали ўтилади. Бу спорний масала бўлгани учун¸ фақат суд орқали ҳал қилинадиган бўлаяпти¸ деди Озодлик ҳоким Шавкатбек Иргашев.

Инвестор иддаоси

Муҳаммадбобур Хўжаев¸ уч қаватли янги уйининг 2018 йил ноябрида суд қарорисиз бузилишидан бошланиб¸ ўзи қурдирган барча объектларнинг ҳокимият томонидан бузишга берилганини махсус кампаниянинг бир қисми деб билишини айтади.

- Тошкентда энг арзон ва сифатли уй-жойни мен қурдираяпман. Discover Invest, Murad Buildings уч хонали уйнинг фақат деворини 150 минг долларга таклиф қилаëтган бўлса¸ мен уч хонали уйни¸ ремонти билан¸ кўчиб яшашга таппа-тайëр қилиб¸ 30 минг долларга сотаяпман. Бу квартираларга харидор жуда кўп. Мен номларини айтган Тошкентдаги энг йирик девелоперлик ширкатлари¸ билишимча¸ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхжаевга қарашли¸ ëки у билан шерикликда ишлайди. Булар уй-жой бозорини монополия қилиб¸ менга ўхшаган рақобатчиларни сиқиб чиқаришаяпти. Бор гап шу¸ дейди Муҳаммадбобур Хўжаев.

Озодлик Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаънига билдирилган бу айбловга муносабат сўраб¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди.

"Иш судда¸ ҳозир маълумот берсак¸ судга босим ўтказаётган ёки халақит қилаётган бўламиз"¸ деган ëзма жавоб келди матбуот хизматидан.

Суд

28 март куни Мирзо Улуғбек туманлараро судида бошланган жараëн¸ Ўзбекистон адлия тизимининг ислоҳ бўлган-бўлмаганини кўрсатади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниев:

- Судлар ҳалиям тепадан¸ бу ишда¸ ҳоким Ортиқхўжаев берган оғзаки буйруққа муҳр босиб¸ юзлаб оилани кўчага ҳайдаш¸ сармоядорни синдириш ҳақида қарор чиқарса¸ бу жуда хавотирли воқеа бўлади. Мен эртага Брюсселда Ўзбекистондаги инсон ҳақлари ҳақида ЕИ расмийларига гапириб бераман. Шубҳасиз¸ ўзбекистонлик инвесторнинг тақдири хориждаги потенциал инвесторларга ҳам қизиқ ва мен бу маҳкамани¸ албатта¸ бу суҳбатларда кўтараман¸ дейди Ғаниев.

Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шавкатбек Иргашев¸ суд ҳукмининг адолатли бўлишига шубҳаси йўқлигини айтади:

- Ҳозир судлар мустақил ишлаяпти. Ҳокимлик берган анча-мунча даъво аризаларини қондирмасдан¸ одамларга компенсация тўлаш ва бошқа-бошқа қарорлар чиқаришаяпти. Хўжаев масаласида ҳам¸ адолатли ҳукм чиқади¸ албатта¸ деди Иргашев.

Муҳаммадбобур Хўжаев¸ бу эҳтимолга кўп ҳам ишонмаслигини айта туриб Жаҳонгир Ортиқхўжаевни давлат берган ваколатидан фойдаланиб¸ ўз бизнес рақибини йўқ қилишга киришганликда айблайди.

- Ҳокимлик¸ суд ва прокуратурадаги мулозимлар¸ Ортиқхўжаев ҳаммасига босим қилиб¸ бу ишларни ҳокимлик¸ яъни ўзи фойдасига ҳал қилишни буюрганини менга очиқ айтишди. Суднинг нима қарор чиқариши олдиндан аниқ. Чунки ҳозир Ортиқхўжаевнинг гапини икки қиладиган деярли топилмайди. Сабаби¸ президентга яқин ҳоким¸ дейди Хўжаев.