Жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга 3 миллион 120 минг киши ишлаш учун келди. Бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 25 фоизга кўп ва кейинги олти йиллик давр учун кварталлар кесимидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда “Коммерсантъ” хабар берди.
Россия ИИВ статистикасида қайд этилишича, 2022 йилнинг апрель, май ва июнь ойларида келган муҳожирларнинг 49,6 фоизи Ўзбекистон, 30,5 фоизи Тожикистон фуқароларидир. Уларнинг 40 фоизи Москва шаҳри ва Москва вилоятида ишлаш учун қолмоқда.
Статистик маълумотда иккинчи чоракда Ўзбекистондан 1 миллион 544 минг 900, Тожикистондан 953 минг, Арманистондан 108,2 минг, Озарбайжондан 79 минг, Беларусдан 42 минг, Хитойдан 32,2 минг, Украинадан 28,2 минг, Молдавиядан 17,2 минг киши келгани кўрсатилган.
Бундан аввал Украинага бостириб киргани ортидан санкциялар остида қолиб, иқтисодий муаммоларга учраётган Россиядан меҳнат муҳожирлари ватанига қайтаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2022 йилнинг 1-чорагида 133 минг мигрант Россиядан Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида хабар берганди. Унда биргина март ойининг ўзида Россиядан 50 минг мигрант Ўзбекистонга қайтгани қайд этилган.
Ташқи меҳнат миграцияси ўтказган сўровномага кўра, 40 фоиз фуқаро ишсизлик ва валюта курсининг беқарорлиги сабаб Ўзбекистонга қайтмоқчилигини маълум қилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эндиликда мигрантлар Россия ўрнига Сербия ва Германия сингари давлатларга жўнатилаётгани, жорий йил ўтган 7 ойи якунлари бўйича ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатилган фуқаролар сони 8 мингдан ошганини маълум қилган.