Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 миллион сўмга қиммат нархда сотиб олганини аниқлаган. Бу ҳақда департаментнинг Телеграмдаги расмий канали орқали маълумот тарқатилди.
Қайд этилишича, мусиқа асбобларини сотиб олиш юзасидан ўтказилган тендер танловида 3,3 миллиард сўмга етказиб бериш таклифи мавжуд бўлса-да, муқобил қимматроқ вариантни кўрсатган тадбиркорлик субъектини асоссиз равишда танловда ғолиб сифатида кўрсатилган, натижада бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мазкур ҳолат юзасидан компания мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини билдирган.