МХДҚ: Қирғизистонда сохта Шенген визасини тайёрлаганлар аниқланди

Қирғизистон МХДҚ томонидан тарқатилган сурат

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) сохта Шенген визасини тайёрлаб сотган халқаро канал аниқлангани ҳақида маълумот тарқатди.

Сохта Шенген визаси асосида Қирғизистон орқали Европага транзит уюштириб юрган асосий ташкилотчилар топилди. Ноқонуний миграция канали ташкилотчилари хатти-ҳаракати туфайли жабрланган қирқдан зиёд хорижлик фуқаро аниқланди”, дея иқтибос келтирган Озодликнинг қирғиз хизмати қўмита хабарномасидан.

МХДҚ айни пайтда сохта ҳужжат тайёрлашга алоқадор шахслар аниқланаётганини маълум қилган. Хабарномада мазкур жиноят иши доирасида гумондорлар қўлга олиниб-олинмаганига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Гуля Қожоқулова Россиядаги Avito.ru эълонлар сайтида Қирғизистон паспорти бемалол сотилаётганини айтиб, МХДҚни бунга чора кўришга чақирган эди.

Мазкур сайтдаги эълонларда 120 минг рублдан 270 минг рублгача (тақрибан 1,5 минг доллардан 3,3 минг долларгача) ҳақ эвазига Қирғизистон фуқаролигини олиб бериш бўйича хизмат таклиф қилинган. Эълон муаллифлари Қирғизистон паспортини олиш учун Россия фуқаролигидан воз кечиш ва давлат тили мақомига эга бўлган қирғиз тилини билиш шарт эмаслигини урғулашган. Қирғизистон паспортини олишга рағбатлантириш учун улар бу паспорт билан хорижий ўлкалардаги банкларда ҳисобрақам очиш ҳамда Европа ва АҚШга виза олиш мумкинлигини урғулашган.