Наим Қосим “Ҳизбуллоҳ”нинг янги раҳбари этиб сайланди

Шайх Наим Қосим

Қароргоҳи Ливанда бўлган эронпараст “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи раҳбарлигига шайх Наим Қосим сайланди.

Гуруҳнинг 29 октябрь куни тарқатилган баёнотида Наим Қосим сентябрь ойи охирида Байрут чеккасида Исроил авиацияси ҳужуми натижасида ўлдирилган Ҳасан Насруллоҳнинг ўрнига “Ҳизбуллоҳ”нинг янги бош котиби этиб сайлангани айтилган.

Бунгача шайх Наим Қосим Ливан жанубидаги шиа мазҳабига мансуб аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг катта қисмини назорат қилувчи “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг 1991 йилдан буён бош котиби ўринбосари бўлиб келган.

Ҳам сиёсий партия, ҳам қуролли гуруҳ бўлган “Ҳизбуллоҳ” Ливан парламентида ҳам тамсил этилган. АҚШ бу гуруҳни террор ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса ташкилотнинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.

Наим Қосим “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи 1992 йилда илк бор Ливандаги парламент сайловида иштирок этганидан буён гуруҳнинг сайлов кампанияларини ташкил этишда қатнашиб келган.

Аввалроқ октябрь ойида исроиллик ҳарбийлар ЦАХАЛ кучлари томонидан Байрут жанубига берилган зарбада Ҳасан Насруллоҳнинг муҳтамал вориси деб аталган Ҳошим Сафиюддин ўлдирилганини тасдиқлашган эди.