Зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш учун “Нажот” мобил иловаси ишга туширилди

Ўзбекистонда зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам беришдан иборат бўлган “Нажот” мобил иловаси ишлаб чиқилган.

Сенат ахборот хизмати маълумотига кўра, илова БМТнинг “Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан Швеция ҳукумати кўмаги билан амалга оширилаётган “Давлат бошқарувида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” қўшма лойиҳа доирасида ишга туширилган.

Қайд этилишича, илованинг бош саҳифасида фавқулодда вазият учун мўлжалланган “Ёрдам” тугмаси мавжуд бўлиб, фойдаланувчи оиладаги зўравонлик қурбонига айланган тақдирда, ушбу тугмани босиб, 3 сониядан кўпроқ ушлаб туриш керак.

“Нажот” иловаси қурбоннинг оиласига ёрдам сўраб хабар жўнатади ва унинг манзилига ҳавола юборади”, дейилади хабарномада.

“Ёрдам” тугмачасини ишлатиш учун “Ёрдам учун контактлар” бўлимига фойдаланувчи яқинларининг контактларини ва ёрдам ҳақидаги хабарни қўшиши керак. Иловада хабарга жавоб бера оладиган 5 нафаргача яқин кишининг контактларини қўшиш мумкин. Бу одамларни илова тўғрисида олдиндан огоҳлантириш тавсия этилган.

Фойдаланувчи “Энг яқин ёрдам марказига хабар бериш” параметрини ҳам танлаши мумкин. Бунда фойдаланувчи учун хавф туғилганига оид маълумот энг яқин реабилитация марказига юборилади.

Иловада “Ёрдам марказлари” бўлими мавжуд бўлиб, у ерда оилавий муаммолар, оиладаги зўравонлик ва фавқулодда вазиятларда ёрдам учун мурожаат қилиш мумкин бўлган жойлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Ушбу марказларда, агар керак бўлса, психолог, шифокор ёки ҳуқуқшунос маслаҳатларини олиш ва ҳимояланган турар жой сўраш мумкин. Бундан ташқари, зўравонлик қурбонлари илова орқали ҳудудлардаги Ички ишлар бўлимларининг аёллар масалалари бўйича инспекторларига мурожаат қилишлари ҳам мумкин.

Иловада ҳар бир ҳудуддаги зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш марказлари рўйхати келтирилган. Керакли ҳудудни танлаб, ушбу марказларнинг манзили ва контактлари тўғрисида маълумот олиш мумкин. Шунингдек, навигация учун ёрдам сифатида марказларнинг манзили харитада келтирилган.

Илова ёрдамида психологнинг онлайн ёрдамини, қийин вазиятда шифокор ва адвокат билан маслаҳатлашиш мумкин.

Мобил илованинг ўзбек ва рус тилларидаги версиялари мавжуд.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 14 849 та мурожаат келиб тушган.