Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг 10 март куни маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида қирғиз фуқаросини ўғирлаганликда ва гаровда сақлаганликда гумонланган икки шахс қўлга олинди. Уларни қўлга олиш жараёни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Расман билдирилишича, Қирғизистон фуқароси О.Т.Т., беш ой олдин, яъни ўтган йилнинг октябрида ўғирлаб кетилган ва ўшандан бери гаровда ушлаб турилган. Бу ҳақда 28 февралда Қирғизистон фуқароси О.С.Т., Миллий хавфсизлик хизматига ариза ёзган. Аризада у акаси О.Т.Т., ўтган йилнинг 23 октябрида алдов йўли билан Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги “Баймак” чегара пункти орқали Ўзбекистонга олиб кетилганини билдирган.
“Уни беш ой гаровда ушлаб турганлар, қариндошларидан 50 минг доллар пул талаб қилганлар”, дейилади расмий баёнотда.
Махсус хизмат тарқатган видеода гаровдан бўшатилган шахс ўз оиласи бағрига қайтгани акс этган.
Бу воқеа юзасидан Ўзбекистонда тергов ишлари олиб борилаётгани айтилди. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик қўмитаси ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.