Ўзбекистон ҳудудида икки зилзила содир бўлди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 5 май куни Тошкент вақти билан соат 13:16 да Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида 3,7 магнитудали зилзила кузатилди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 194 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи вилоятнинг Косонсой туманида 3 баллга, Янгиқўрғон туманида 2-3 баллга, Чортоқ, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида 2 баллга тенг бўлган.

Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази, шунингдек, 6 май куни Тошкент вақти билан 10:41 да Самарқанд вилоятида 4 магнитудали зилзила содир бўлганини қайд этган. Зилзила маркази жануби-ғарбий йўналиш бўйича Тошкентдан 263 километр узоқликда (Ургут туманида) бўлган.

Ер силкиниши кучи Ургут туманида 2-3 баллни, Самарқанд вилоятининг Тойлоқ, Булунғур, Самарқанд туманлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 2 баллни ташкил этган.