Наманганда ўз жонига қасд қилган талаба вафот этди

Иллюстратив сурат

Наманган муҳандислик қурилиш институтининг 3-курси талабаси Х.Х. шу йилнинг 10 февраль куни ўзига ўт қўйгани натижасида вафот этган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан бўлган 20 ёшли талаба институтда бешта фандан оралиқ имтиҳонларини топшира олмаганлиги туфайли қайта топширишга қолиб кетган.

Бундан хабар топган талабанинг отаси ўғлига танбеҳ берган. Ота билан сўзлашувдан кейин руҳий тушкунликка тушган талаба Янгиқўрғон туманидаги адирлик майдонида устидан бензин, ўзига ўт қўйган. Унинг ўз жонига қасд қилганини кўрган чор-атрофдаги фуқаролар талабани касалхонага етказишган.

Врачлар ҳодиса оқибатида Х.Х. вужудининг 50 фоизи чуқур куйганини қайд этишган. Бироқ, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, талаба 13 февраль куни касалхонада вафот этган.

Хабарларда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.