Наманганда ота турмушга чиқишни рад қилган қизини ўлдирди

Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани суди ўз қизини ўлдирган отани 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Kun.uz нашрининг суд ҳужжатларига таянган ҳолда ёзишича, мудҳиш жиноят 2024 йилнинг 12 июнь куни Тўрақўрғон тумани Исвахон маҳалласида содир этилган.

1974 йилда туғилган М. Э. шу куни соат 7:00 ларда ўз яшаш хонадонида 2002 йилда туғилган қизи Д. У.ни рўмол билан бўғиб ўлдирган. Бунга қизи унаштирилган йигитга турмушга чиқишни рад қилгани, бошқа йигит билан гаплашишини айтгани сабаб бўлган.

Суд ҳужжатлари қайд этилишича, бир неча дақиқа рўмол билан қизини бўғиб турган ота у ўлмаганини кўриб, қўллари билан бўғишни давом эттирган. Қизнинг жони узилгач, хотини ишдан келиб қўрқиб кетмаслиги учун фарзандининг мурдасини уй ертўласига олиб тушиб қўйган.

Сўнгра М. Э. ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Аммо кейинроқ бу ниятидан қайтиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига бориб, содир этган қилмишини бўйнига олган.

Судда М. Э. айбига иқрор бўлиб, қизини ўлдириб қўйганидан қаттиқ пушаймонлигини билдирган.

Марҳуманинг онаси Т. Э. суд муҳокамасида қотилликка қўл урган турмуш ўртоғини кечириши, лекин у қилмишига яраша жазо олиши кераклигини айтган.

Суд М.Э. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топган.

Оила бошлиғининг фарзандлари жонига қасд қилиши билан боғлиқ жиноятлар аввал ҳам содир этилган.

Озодлик, жумладан, 2020 йил июнь ойида Наманганнинг Янги Замин маҳалласида яшовчи 44 ёшли эр хотини ва вояга етмагани фарзандини болта билан чопиб ўлдиргани, 2017 йил декабрь ойида эса Андижоннинг Булоқбоши туманида 27 яшар эркак 8 ёшли қизини бўғиб ўлдиргани ҳақида хабар қилган эди.