Наманган вилоятидаги “Поп – Қўшминор 2” темир йўл бекатлари оралиғининг 106 километрида темир йўл изини лой аралашмаси кўмиб ташлагани туфайли темир йўлда поездлар ҳаракати чекланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бунга 6 май куни ҳудудда кузатилган сув тошқинини сабаб ўлароқ келтирган.
ЙҲХББ кечаги сел важидан вилоятнинг айрим жойларидаги автомобиль йўлларида ҳам чеклов жорий этилганини билдирган.
Айни пайтда “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Фарғона водийсида кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда сел туфайли 7 май куни 60-сонли Тошкент – Андижон йўловчи поездининг ҳаракатланиши 1 рейсга бекор қилиниши ҳақида маълум қилган ҳамда йўловчиларга сотиб олинган чипталар пулини тўлиқ қийматда вокзаллар чиптахоналаридан қайтариб олишлари ёки бошқа санага алмаштиришлари мумкинлиги эслатган.
Темирйўлчилар қайдича, мазкур вазият Фарғона водийсига ва у ердан бошқа вилоятларга ҳаракатланаётган барча йўловчи поездларнинг ҳаракат жадвалига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.