Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида туман суди раиси Ш. С. судланувчи О. С.га енгилроқ жазо тайинлаш ваъдаси билан жорий йилнинг 30 январь куни судланувчининг отасидан 2 минг доллар олаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ушланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Хабарномада қайд этилишича, Олий суд Пленумининг 31 январь куни ўтказилган мажлисида Бош прокурорнинг Мингбулоқ туман судининг раиси Ш. С.ни Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноий жавобгарликка тортиш ва унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилиб, розилик берилган.