Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Наманган вилоятига жўнаб кетган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташрифдан асосий мақсад – аввал қўйилган вазифалар ижросини кўриш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан келиб чиқиб, навбатдаги режаларни белгилашдир.
Сафар давомида Мирзиёевнинг вилоятдаги саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги лойиҳалари, бунёдкорлик ишлари билан танишиши режаланган.
Икки ҳафта муқаддам Ўзбекистон президенти Фарғона шаҳридаги “Шодиёна” маҳалласига кутилмаган ташриф уюштириб, у ердаги аҳволни танқид қилгани ортидан шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан бўшатилганди. Мазкур воқеадан сўнг маҳаллий мулозимлар Фарғонадаги раҳбарлар вазиятига тушмаслик мақсадида “қолоқ маҳалла”ларни зудлик билан обод қилишга киришган. Озодлик манбаларига кўра, ҳашар кўринишида бўлаётган бу жараёнда тадбиркорлар ва идора-ташкилотлар ҳомийликка мажбурланмоқда.