Наманганлик аёл ўзи билан икки фарзандини каналга отди

Иллюстратив сурат

Наманган шаҳри Темир кўчасида яшаган 25 ёшли аёл ўзи ҳамда 3 ва 1 яшар ўғилларини Шимолий Фарғона каналига ташлаган. Аёл ҳалок бўлган, икки норасида эса қутқариб қолинган.

20 декабрь куни рўй берган ҳодисадан жамоатчилик ва матбуот бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб хабар топмоқда.

Daryo.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, аёлнинг ўзи ва болалари жонига қасд қилишга уринишига турмуш ўртоғи билан узоқ муддатдан буён бирга яшамаётгани, оилавий келишмовчилик сабаб руҳиятида ўзгариш рўй бергани сабаб бўлган.

Фожиа рўй берган вақтда мазкур ҳудуддан ўтиб кетаётган фуқаролар икки нафар вояга етмаган боланинг ҳаётини сақлаб қолишган. Аммо аёл чўкиб ўлгани, жасад Наманган вилояти қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан каналидан чиқариб олингани айтилмоқда.

Наманган шаҳри прокуратураси ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари (қасддан одам ўлдириш икки ёки ундан ортиқ шахсни; айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни) билан жиноят иши қўзғатган.

Ҳаёт зарбаларига учраган аёлларнинг ўзини каналга отиши Ўзбекистонда илк бор кузатилаётгани йўқ.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 2019 йилда Самарқандда тўрт боланинг онаси бўлган Г. Ҳ. исмли аёл Дарғом каналига ўзини ташлаб, жонига қасд қилган эди. Аёлнинг ёнида бўлган 6 яшар қизчасини канал яқинидаги фуқаро қутқариб қолган.

2016 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида яшаган 26 яшар аёл шаръий никоҳдаги эри ўз боласини тан олмагани ва алимент тўлашдан бош тортгани сабаб 11 ойлик ўғлини Катта Фарғона каналига чўктирганди.