АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси бугун президент Дональд Трамп импичменти ҳақидаги резолюцияни эълон қилди. У одамларни исёнга ташвиқ қилганликда айбланмоқда. "Президент Трамп Қўшма Штатлар хавфсизликни ва ҳукумат институтларини жиддий таҳдид остига қўйди”, дейилган резолюцияда.
Дональд Трампнинг президентлик мандати сайланган президент Жо Байден қасамёдга келтириладиган 20 январь куни ниҳоясига етади.
Импичментга оид резолюция ташаббускорлари 13 ва 14 январь кунлари ҳужжат муҳокама қилинганидан кейин Намояндалар палатаси аъзолари импичмент учун овоз беришлари, Сенат эса бу қарорни тасдиқлашига умид қилмоқдалар. Шундай бўлган тақдирда Трампнинг янги президент сайловида иштирок этиши учун йўл ёпилади.
Ўтган ҳафта, аниқроғи, 6 январь куни Трампнинг турли штатлардан Вашингтонга йиғилган тарафдорлари Капитолий биноси олдида намойиш уюштириб, бинога бостириб кирганлар. Тартибсизлик конгрессменлар президент сайлови натижаларини тасдиқлашлари лозим бўлган пайтда рўй берган.
Тўполон чоғида Трамп тарафдорларидан беш киши қурбон бўлган.