АҚШ коинот агентлиги - NASA Ер билан тўқнашиш эҳтимоли бўлган коинот жисмлари - астероидларнинг йўналишини ўзгартиришга қодир бўлган сунъий йўлдошни учириш лойиҳасини амалга оширишини бошлади.
Сунъий йўлдош коинотга 24 ноябрь куни эрта тонгда учирилади. Мазкур сунъий йўлдош зарурат пайдо бўлган тақдирда астероидлар йўналишини ўзгартириш бўйича синовдан ўтади.
Сунъий йўлдош Илон Маскнинг SpaceX ширкати томонидан ишлаб чиқилган Falcon 9 ракетаси воситасида Калифорния штатидаги Ванденберг фазо кучлари базасидан коинотга олиб чиқилади.
NASAнинг билдиришича, айни пайтда Ер учун коинотдан келадиган ҳеч қандай таҳдид мавжуд эмас. Сунъий йўлдош қачондир Ер учун хавф пайдо бўлиб қолган тақдирда ишлатилиш учун коинотга олиб чиқилмоқда.
Сунъий йўлдош синов тариқасида 2022 йилнинг октябрида диаметри 160 метр бўлган Диморфос астероиди билан тўқнаштирилади. Мазкур тўқнашув Ер учун ҳеч қандай салбий оқибатларга сабаб бўлмайди. Бу лойиҳанинг қиймати 330 миллион долларни ташкил қилди.