АҚШ аэрокосмик агентлиги (NASA) Марсга ўзининг Perseverance ровери қўнаётгани акс этган тиниқ видеони эълон қилди.
Аппаратни Марсга қўндириш учун масъул бўлган гуруҳ раҳбари Ал Чен ровер томонидан юборилган тасвирларни «биз орзу қилган нарса» деб атади.
Perseverance ровери Марс сатҳига 18 февраль куни қўнган эди. Унга ўрнатилган 6 камера қўниш жараёнини бошдан оёқ ёзиб олган. Қўниш давомида камераларнинг биттаси ва микрофон ишламай қолган.
NASA эълон қилган видеода тўқ сариқ ва оқ рангли парашютнинг очилгани ва Марснинг юзаси тобора яқинлашиб бораётгани, сайёра сатҳига яқин қолганда ракета двигателлари ишга тушиши ортидан қизил чанг кўтарилганини кўриш мумкин.
Марсюрар сайёрада қадимда ҳаёт бўлганига оид аломатларни топишга уринади ҳамда тупроқ намуналарини йиғади. Тўпланган намуналар кейинчалик Ерга етказилади.