Нашид важидан қамалган талаба учун қамоқ жазоси “озодликни чеклаш”га алмаштирилди

Жаҳонгир Улуғмуродов қамоқдан озод қилинди, аммо озодлиги чекланганича қолди

Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси 28 июль куни нашид йўллагани учун 3 йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича ажрим чиқарди.

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, жума кунги маҳкамада судлов ҳайъати аъзолари дастлабки инстанция суди ҳукмини ўзгартиришга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 майида Тошкент Давлат иқтисодиёт университети талабаси бўлган Улуғмуродов Telegram’даги гуруҳ суҳбатида YouTube’даги нашидга линк юборгани учун Оққўрғон туман суди томонидан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Дин ишлари бўйича қўмита бу қўшиққа “ақидапарастлик ғоялари сингдирилган” деб ҳисоблаган.

Улуғмуродовнинг яқинлари ва тармоқ фаоллари туман суди айбловга асос бўлган материални нотўғри малакалагани ва Жаҳонгирга ҳаддан ташқари қаттиқ жазо тайинлаганини айтишган. Мазкур иш юзасидан Тошкент вилоят судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритилган. Аммо Тошкент вилоят суди ҳам 17 июль куни Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича биринчи инстанция суди қарорини ўз кучида қолдиришга қарор қилган эди. Мазкур қарордан икки кун ўтгач, талабанинг адвокати А. Абдуллаев бу борада Олий судга кассация шикояти киритган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов қайдича, Олий суд судлов ҳайъати кассация инстанцияси томонидан бугун чиқарилган ажримга мувофиқ, Ж. Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ж. Улуғмуродовнинг 2023 йил 24 февралдан 2023 йил 28 июлга қадар қамоқда сақланган 5 ой 4 кун Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди”, дейилган Олий суд хабарномасида.

Олий суд матбуот хизмати кассация судлов ҳайъатининг иш бўйича Ж. Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган аввалги суд қарорларини ўзгартиришига унинг ёшлиги, талаба эканлиги, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, шунингдек жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атвори каби ҳолатлар туртки бўлганини урғулаган.

Олий суд ҳайъати ажримига мувофиқ, қамоқдан озод қилинган Жаҳонгир Улуғмуродовга бундан буён 2,5 йил давомида соат 22:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш тақиқланган.

Хабарномада адвокат А. Абдуллаевнинг ҳимояси остидаги Ж. Улуғмуродовни оқлаш ҳақидаги шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилгани алоҳида таъкидланган.

21 яшар талабанинг синфдошларига нашид ҳаволасини йўллагани учун уч йиллик қамоқ жазосига тортилиши Ўзбекистон ичида ҳам, хорижда ҳам кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, ҳолатга ҳатто халқаро ташкилотлар ҳам эътибор қаратишган эди. Хусусан, ўтган ойда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек расмийларини Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича апелляция судининг адолатли ўтишини таъминлашга чақирган эди.

HRW баёнотида қайд этилишича, ташкилот мазкур нашида матни билан танишиб чиққан ва унда “бевосита зўравонликка чақириқ аломатлари мавжуд эмас”, деган хулосага келган. Озодлик билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоллари эса нашид йўллагани учун қамалган талаба иши “нафақат жиноий, ҳатто маъмурийга тортмаслиги”ни таъкидлашган эди.