Нашид йўллагани учун 3 йилга қамалган талаба иши бўйича суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди

Нашид йўллагани учун уч йилга қамалган Жаҳонгир  Улуғмуродов

Тошкент вилоят суди 17 июль куни синфдошларига нашид йўллагани учун 3 йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича биринчи инстанция суди қарорини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Жорий йилнинг 8 майида Тошкент Давлат иқтисодиёт университети талабаси бўлган Улуғмуродов Telegram’даги гуруҳ суҳбатида YouTube’даги нашидга линк юборгани учун Оққўрғон туман суди томонидан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Дин ишлари бўйича қўмита бу қўшиққа “ақидапарастлик ғоялари сингдирилган” деб ҳисоблаган.

Улуғмуродовнинг яқинлари ва тармоқ фаоллари туман суди айбловга асос бўлган материални нотўғри малакалагани ва Жаҳонгирга ҳаддан ташқари қаттиқ жазо тайинлаганини айтишган. Мазкур иш юзасидан Тошкент вилоят судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритилган эди.

Ўтган ойда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек расмийларини Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича апелляция судининг адолатли ўтишини таъминлашга чақирган эди. HRW баёнотида қайд этилишича, ташкилот мазкур нашида матни билан танишиб чиққан ва унда “бевосита зўравонликка чақириқ аломатлари мавжуд эмас”, деган хулосага келган. Озодлик билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоллари эса нашид йўллагани учун қамалган талаба иши “нафақат жиноий, ҳатто маъмурийга тортмаслиги”ни таъкидлашган.

Олий суднинг бугунги хабарномасида Тошкент вилоят судининг ажрими устидан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят берилиши ёки протест билдирилиши мумкинлиги маълум қилинган.