НАТО январда сўнгги 40 йилда илк бор Европада энг йирик ҳарбий машғулот ўтказади. Унда 90 минг аскар, авиация, НАТО ва Швеция кемалари иштирок этади. Дастлаб машғулотларга 40 минг аскар жалб қилиниши режалаштирилган эди.
“Матонатли ҳимоячи” деб номланган машғулот Германия, Польша ва Болтиқбўйи давлатларида ўтказилади. АҚШ матбуоти бу машғулотларда Россиянинг эҳтимолий босқинига қарши ҳаракатлар ишлаб чиқилиши тўғрисида хабар берди.
Reuters агентлиги НАТО бирлашган кучларининг Европадаги бош қўмондони Кристофер Каволига таянган ҳолда, “машғулотлар жараёнида Атлантика орқали Шимолий Америкадан қуролли кучларни жалб этган ҳолда минтақа хавфсизлигини кучайтириш имкониятлари намойиш этилади”, деб ёзди.
2023 йилда НАТОга аъзо давлатлар Европада ташкилот тарихида илк маротаба ҳарбий ҳаво кучларининг энг катта машғулотларини ўтказган эди. Бу машғулотлар Россиянинг Украинага босқини фонида ўтказилмоқда.
Кўплаб ғарб сиёсатчилари, жумладан, АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинада ғалабага эришса, НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилиши мумкин, деган тезисни билдирган эди.
Москва бу каби баёнотларни рад этган. Россия президенти Владимир Путин декабрда “Москва НАТО билан урушишдан манфаатдор эмас”лиги тўғрисида баёнот берган. Кремль Украинага бостириб киришдан олдин ҳам мана шу каби баёнотларни берган эди.
Бундан олдин НАТО бу каби йирик ҳарбий ўқув машғулотини 1988 йилда ўтказганди. Унда 125 минг ҳарбий иштирок этган.