Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига доир протоколлар имзоланди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди.

НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида Швеция ва Финляндиянинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлиши тўғрисида баённомалар имзоланди. Ҳужжатларга НАТОга аъзо 30 мамлакат ҳамда Швеция ва Финляндия вакиллари имзо чекишди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди. Улар мазкур икки мамлакатнинг альянсга қўшилиши уларнинг хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши билан бирга, НАТОни ҳам кучайтиришини урғуладилар.

Йиғилишда Россия номи тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, айнан Россиянинг Украинага тажовузи ушбу икки анъанавий бетараф мамлакатнинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришга қарор қилишида асосий сабаб бўлди.

Финляндия ва Швеция май ойи ўрталарида НАТОга аъзо бўлиш учун расман ариза берган эди. Уларни НАТО аъзолигига қабул қилиш қарори рекорд даражада қисқа муддатда қабул қилинди – бу ҳақда июннинг охирларидаёқ Мадриддаги саммитда эълон қилинди. Ягона жиддий тўсиқ Туркиянинг талаблари бўлган эди, аммо томонлар бу борада тил топишишга муваффақ бўлишди.

Швеция билан Финляндия НАТОнинг тўла ҳуқуқли аъзолари бўлиши учун бугун имзоланган ҳужжатлар альянс таркибидаги 30 мамлакатнинг парламентлари томонидан ратификация қилиниши керак.

Россия ҳукумати вакиллари икки мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлаётганига изоҳ беришар экан, бир тарафдан мазкур қарорни қоралашди, бошқа томондан, бунда жиддий муаммо кўрмаётганларини, чунки Россиянинг Финляндия ва Швеция билан ҳудудий низолари йўқлигини айтишди. Шу билан бирга, улар Финляндия ва Швецияда НАТО инфратузилмаси жойлаштирилган тақдирда Россия жавоб ўлароқ муайян чоралар қўллашига ваъда беришди.