НАТОга аъзо мамлакатлар кейинги йилда Украинага 40 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратишга келишишган. Бу ҳақда Reuters агентлиги икки дипломатдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
НАТО мамлакатлари бу мажбуриятни кейинги ҳафтада Вашингтонда бўлиб ўтажак саммитда тасдиқлашлари кутилмоқда.
Аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг иттифоқчиларни Киевга ҳарбий ёрдамни уруш бошланганидан кейинги миқдорда сақлаб қолиш бўйича ўз зиммаларига кўп йиллик мажбурият олишни сўраган эди. Бу миқдор йилига тақрибан 40 миллиард еврони ташкил этади.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, НАТО мамлакатлари бу таклифни дастаклашмаган, бироқ иттифоқчилар тўловини келажакдаги саммитларда қайта кўриб чиқишга келишиб олишган.
Шунингдек, улар кейинги йил мобайнида Украинага қайси мамлакат ёрдам етказиб бериши ва нималар етказиб берилишини аниқлаб олиш учун иккита ҳисобот тайёрлашга қарор қилишган. Шу тариқа иттифоқчилар Киевга ёрдам борасида НАТО мамлакатлари ўртасида харажатларни тақсимлаш масаласидаги шаффофликни оширишмоқчи.