НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украина билан чегарадош ҳудудлардан ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётгани кузатилмагани тўғрисида баёнот берди. Столтенберг ўз баёнотида Москва вазиятни юмшатиш йўналишида мулоқотни давом эттириш нияти борлигини шаъма қилаётгани тўғрисида ҳам гапирди.
“Москвадан дипломатик ҳаракатлар давом эттирилиши лозимлиги тўғрисида сигналлар бор. Бу эҳтиёткор оптимизм учун асос бўла олади. Аммо биз жой-жойларда вазиятни юмшатиш учун қилинаётган ҳаракатларни кўрмаяпмиз”,-деди Столтенберг 15 февраль куни Брюсселда журналистларга берган интервьюсида.
Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Брюсселда икки кун давомида ўтган саммитида Россиянинг Украина чегарасига аскар ва ҳарбий техника жамлашини “совуқ уруш давридан бери кузатилмаган мислсиз воқеа” сифатида таърифлади.
Россия Мудофаа вазирлиги 15 февраль куни 130 минг ҳарбийсини Украина билан чегарадош ҳудудлардан “ҳарбий машғулотлар якунлангани муносабати билан” олиб чиқиб кетаётганини билдирган эди.