Вашингтонда ўтаётган НАТО мамлакатлари саммитида 10 июль куни Украина Шимолий Альянсга аъзолик бўйича “қайтмас йўл”да экани урғуланган декларация қабул қилинди.
Россия босқинига қарши курашаётган Украинани қўллаш НАТОга аъзо 32 мамлакат вакиллари томонидан муҳокама қилинаётган асосий масалалардан бири бўлиб ҳисобланади.
Декларацияда иқтисодий ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар соҳасида Украина томонидан эришилган илгарилаш олқишланган, бу ислоҳотлар НАТОга кириш учун дастлабки шартлар бўлиб ҳисобланади.
“Украина ҳаётий аҳамиятга эга бўлган бу ишни давом эттириши баробарида биз НАТОга аъзолик дохил Евроатлантика интеграциясига қайтмас йўлида уни дастаклашда давом этамиз”, дейилган декларацияда.
Шу билан бирга, аъзо мамлакатлар НАТОнинг Вильнюсда ўтган аввалги саммитида бўлгани каби Украинанинг Шимолий Альянсга аъзолик жараёни бошланиши бўйича аниқ бир муддатни белгилашган эмас. Декларацияга мувофиқ, Киев “иттифоқчилар ўртасида келишувга эришилган ва Украина шартларни бажарган пайтда” НАТОга кириш учун таклиф олади.
НАТОга аъзо мамлакатлар Россия босқинига қарши курашда Украинага ёрдам бериш бўйича ниятлари қатъий эканини тасдиқлашган.
Декларацияда НАТО мамлакатлари Украина урушида Россияни дастаклашдаги “ҳал қилувчи” роль ўйнаган Хитойни илк бор танқид қилишиб, ундан Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг ишлаб туриши учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган технологиялар ва “қурол-аслаҳа учун компонентлар” етказиб беришни тўхтатишни талаб қилишган. “Хитой Европа тарихида сўнгги пайтдаги энг кўламли урушни ўз манфаатлари ва обрў-эътибори учун салбий оқибатларсиз дастаклаши мумкин эмас”, дея огоҳлантирган НАТО.
Саммитда АҚШ президенти Жо Байден ҳам Украинани дастаклаб, нутқ сўзлаган.
“Биз Путиннинг Украинада тўхтаб қолмаслигини биламиз. Аммо хато фикрга бормаслик лозим – Украина бу ишни уддалай олади ва у Путинни тўхтатиб қолади. Айниқса бизнинг тўлиқ жамоавий ёрдамимиз билан”, дея таъкидлаган Жо Байден.
У НАТО кейинги йил давомида Россия ракета ҳужумларидан ҳимояланиш учун Украинага яна бешта Patriot ҳаводан мудофаа мажмуасини тақдим этишини билдирган. Бундан ташқари, Украинага қўшимча ўнлаб яқин масофали тактик зенит батареялари етказиб берилади.
Байден Россия ўз ҳарбий потенциалини Хитой, Шимолий Корея ва Эрон ёрдамида кучайтираётганини ҳамда НАТО мамлакатлари ўз иттифоқлари кучсизроқ бўлиб қолишига йўл қўймасликлари кераклигини ҳам эслатган.
“Шу тариқа НАТО ўзининг ишлаб чиқариш базасини мустаҳкамлаши лозим”, дея хулоса қилган Байден. У ўз маъмурияти АҚШ ҳарбий саноатини ривожлантириш учун 35 миллиард доллар маблағ ётқизганини эслатб ўтган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг саммитда яна бир бор Шимолий Альянс Украинани оғишмай дастаклашини тасдиқлаган.
“Украина дастаклаш хайрия тадбири эмас. У бизнинг ўз хавфсизлигимиз учун амалга оширилмоқда”, деган Столтенберг.