НАТО машғулотлари доирасида Туркия ҳарбий кемаси Исроил бандаргоҳига киритилди

Турк кемаси. Иллюстратив сурат.

Туркия ҳарбий кемаси 2010 йилдан бери илк маротаба Исроил бандаргоҳига киритилди. Бу воқеа икки давлат ўртасидаги муносабат яхшиланаётганининг яна бир далили сифатида талқин қилинмоқда.

TCG Kemalreis ҳарбий кемаси 4 сентябрь куни Хайфа портига кириб келган. Исроил ҳарбий денгиз кучлари штабининг билдиришича, бу НАТОнинг Ўрта Ер денгизида ўтказаётган машғулотлари доирасида амалга оширилди. Туркия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, кема 6 сентябргача Исроил бандаргоҳида бўлади.

Исроил ва НАТО аъзоси Туркия 17 август куни муносабатларни тўлиқ равишда қайта тиклаш ва элчиларни қайтаришга келишиб олган эди. Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2010 йилда Исроил турк кемасига ҳужум қилгани оқибатида Туркиянинг 10 нафар тинч фуқароси ҳалок бўлагиндан сўнг тўхтатилганди. Ўшанда «Мави Мармара» кемаси Исроил қамал қилган Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун кетаётганда ўққа тутилганди.