НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ташкилот Украинани қатъий қўллаб-қувватлаши тўғрисида Россияни огоҳлантирди.
“Биз Россия Украина чегараси яқинига ҳарбий кучларни жамлаётганини кўриб турибмиз. Россия томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай провокация ва агрессия жиддий ёндашувга сабаб бўлади”,- деди Столтенберг 15 ноябрь куни Брюсселда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.
Аввалроқ Ғарб давлатлари разведкаси Россия қиш мавсумида Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниши, жумладан, “ҳарбий агрессия эҳтимоли катта”лиги тўғрисида маълумотларга эга экани хабар қилинган эди.
Россия ҳукумати агрессия уюштириш нияти йўқлигини билдириб, Ғарбни Украинадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.
Айни пайтда “Америка овози” радиоси ўз манбаларига таянган ҳолда, Москва Украина билан чегарадош ҳудудларга ҳарбий техникани жамлаётгани ҳақида маълумот берди.
Манбанинг айтишича, Россия ҳарбийлари танкларни, замбаракларни ва ҳарбий техникани чегарага олиб келиш ишларини ярим тунда амалга оширмоқда.