НАТО: Барча далиллар Россия Украинага “кенг кўламли ҳужум қилишни” режалаштирганини кўрсатмоқда

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО Россия армияси Украина ҳудудига “тўлақонли равишда бостириб кириш”ни режалаштирганига шубҳа қилмайди. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик анжумани доирасида ARD телеканалига 19 февраль куни берган интервьюсида маълум қилди.

“Барча далиллар Россия Украинага кенг кўламли ҳужум қилишни режалаштирганини кўрсатиб турибди. Россия иддао қилганидай, чегарадан аскарлар олиб чиқиб кетилмаяпти, балки чегарадаги аскарлар сони кўпайтирилаяпти”,-деди Столтенберг.

НАТО Бош котиби Москва ҳужум қилиш учун баҳона ва сабаб яратишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида маълумотлар мавжудлигини таъкидлади.

19 февраль куни НАТО Киевдаги ваколатхонаси ходимларини хавфсизлик нуқтаи назаридан Польша билан чегарадош Львов шаҳрига ҳамда Брюсселга кўчирди.